Россия, Украина ва ЕИ лидерлари Донбассдаги сайловлар муаммосини муҳокама қилди

Тўрт давлат раҳбарининг навбатдаги саммити 2 октябрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Россия, Украина, Германия ва Франция лидерлари 9 сентябрь куни телефон орқали 90 дақиқали суҳбат чоғида Украина шарқида маҳаллий сайловларни ўтказиш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Минск шартномаларига мувофиқ, айирмачилар назорати остида бўлган ҳудудларда Украина қонунчилигига кўра жорий йил охиригача маҳаллий сайловлар ўтказилиши лозим.

Бироқ россияпараст айирмачилар маҳаллий сайловларни ўз шартлари асосида ўтишини истайди. Бу шартлар Киев тарафдори бўлган номзодларнинг сайловга қўйилмаслиги ва маҳаллий сайловларга алоқадор бўлмаган сўровлар ўтказилмаслиги кабиларни ўз ичига олади.

Украина раҳбари Петро Порошенко айирмачилар назорати остида бўлган ҳудудларда ўтказилган ҳар қандай ноқонуний сайлов февраль ойида Минскда эришилган битимга нуқта қўйишидан огоҳлантирган.

Маълумотларга кўра, тўрт мамлакат ташқи ишлар вазирлари 12 сентябрь куни Берлинда учрашиши режаланган. Германия ҳукумати матбуот котиби Штеффен Зайбертга кўра, бу учрашувнинг вазифаси Донбассда маҳаллий сайловлар ўтказиш шартлари ва санаси бўйича келишувга эришиш бўлиб ҳисобланади.