Шимолий Корея атом қуроли ишлаб чиқаришни қайта тиклади

Пхеньяндан 100 километр узоқликдаги Йонгбонгдаги ядровий мажмуанинг сунъий йўлдошдан олинган сурати.

Шимолий Корея тўла жангавор ҳолатда бўлиб, исталган пайт АҚШга ҳарбий жавоб беришга тайёр турибди. Бу ҳақда Шимолий Корея Атом энергияси институти директори сўзларига таяниб, корейс матбуоти хабар қилди.

ТАСС агентлиги ҳам ўз манбаларига таянган ҳолда мамлакат шимоли-ғарбидаги Йонгбонгда жойлашган ядровий мажмуанинг барча тармоқлари, жумладан, уранни бойитувчи завод ҳам шай ҳолатга келтирилгани ҳақида хабар қилди.

Бир кун аввал Пхеньян октябрь ойида нишонланиши режаланган ҳукмрон партия- Корея Меҳнат партиясининг юбилейи муносабати билан узоқ масофага мўлжалланган "сунъий йўлдошлар"ни учиришни маълум қилган эди.

АҚШга қарши йўналтирилгани айтиладиган Шимолий Кореянинг стратегик ракеталарини Ғарб давлатлари томонидан тақиқланган.

Вашингтон Шимолий Кореянинг ядровий қурол ва баллистик ракеталар билан боғлиқ ҳаракатларини дунё хавфсизлигига, айниқса, АҚШнинг Осиёдаги иттифоқдошлари бўлган Япония билан Жанубий Кореяга нисбатан таҳдид сифатида баҳолаб келади.