Грециядаги сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинди

Алексис Ципрас.

Грецияда 20 сентябрь куни навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтди.

Экзит-полларнинг дастлабки натижаларига қараганда, сайловгача Грецияни бошқарган собиқ Бош вазир Алексис Ципраснинг СИРИЗА сўлчилар коалицияси энг кўп овоз олган.

Ҳозиргача сайловда берилган 25 фоиз овозлар санаб бўлинган. Дастлабки натижалар СИРИЗА парламентдаги 300 ўриндан 144тасига эга бўлганини кўрсатмоқда. СИРИЗАнинг асосий рақиби “Янги демократия” партияси эса 75 ўринга эга бўлаётир.

Греция президенти Прокопис Павлопулос 28 август куни парламентни тарқатиш ва навбатдан ташқари сайлов ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Бунга 20 августда Алексис Ципраснинг Бош вазир лавозимидан истеъфо бергани сабаб бўлган.

Ципрас расман банкрот давлат деб эълон қилинган Грецияга қатъий шартларсиз қарз берилиши юзасидан олиб борилаётган сиёсатни фуқаролар нақадар қўллаб-қувватлашини билиш мақсадида истеъфо бериб, қайта сайлов ўтказилишини билдирган эди.