Ироқда вабога чалинганлар сони ошиб бораяпти

Вабо бактерияси.

“Исломий давлат” гуруҳига қарши курашдан ҳориган ироқликлар янги душман – вабо хуружига рўбарў бўлди.

Даставвал пойтахт Бағдоддан 25 чақирим нарида жойлашган Абу Ғариб шаҳрида аниқланмиш вабо иллатига чалинганлар сони шу кунда 121 нафарга чиққан.

Ироқ соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 23 сентябрь куни тарқатилган маълумотларга кўра, шу кунгача вабодан Абу Ғарибда камида тўрт киши нобуд бўлган ва касаллик Фирот дарёси бўйлаб жанубий вилоятларда тез тарқалмоқда.

Вабо асосан сув ва озиқ-овқат орқали тарқалаётгани айтилмоқда.

Узоқ йиллардан буён уруш кетаётган Ироқда сув ва канализация тармоқлари эскириб, таъмирга муҳтож бўлиб қолган.

Давлат идораларининг ёмон ишлаётгани ўтган ой пойтахт Бағдод ва жанубий шаҳарларда норозилик намойишлари ўтказилишига сабаб бўлганди.

Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абодий тегишли идораларга касаллик тарқалаётган жойларда, хусусан, Абу Ғарибда фавқулодда чоралар кўриш ҳақида топшириқ берди. Бу чоралар, хусусан, сув сифатини ҳар куни назорат қилиб бориш, сув тозалаш иншоотларини қуриш ва “Исломий давлат” таъқибидан қочиб келган оилаларга шиша идишларда сув етказиб бериш кабиларни ўз ичига олади.