Афғонистонда жангарилар ҳужумида камида 9 одам ҳалок бўлди

Афғонистонда крикет энг оммавий ўйинлардан ҳисобланади.

Афғонистон жануби-шарқидаги Пактика вилоятида крикет ўйини пайтида жангарилар томонидан қилинган ҳужумда камида 9 одам ҳалок бўлди, 30дан ортиқ одам яраланди.

Покистон билан чегарадош бўлган Пактика вилоятининг крикет ўйингоҳида бомба ўрнатилган мотоцикл портлатилган. Мазкур вилоятда ўтган йили волейбол мусобақаси пайтида ҳам ҳудди шундай портлаш уюштирилганди ва унда камида 50 одам ҳалок бўлганди.

Бундан бир кун аввал, яъни 27 сентябрь куни Афғонистон расмийлари жангарилар Покистон билан чегарадош бўлган Нангаҳор вилоятидаги чегара – ўтказиш пунктларига ҳужум қилгани ҳақида хабар берган. Бу ҳужум пайтида ҳукумат кучларининг уч аскари ўлдирилган ва 8 полициячи ярадор бўлган.