Толибон ҳаракати Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳрининг ярмини эгаллаб олди

Қундуз шаҳрида жанглар давом этмоқда

Афғонистон шимолидан олинган хабарларга кўра, Толибон жангарилари душанба куни Қундуз вилояти пойтахтининг бир қисмини ишғол қилган. Вилоят полицияси матбуот вакили Сайид Сарвар Ҳусайнийнинг билдиришича, жангарилар 28 сенятбрь куни тонгда бошланган ҳужум ортидан Қундуз шаҳрининг ярмидан кўпини ўз назоратига олишга мувффақ бўлган.

Полиция вакилининг билдиришича толиблар бир нечта ҳукумат биноси, жумладан Қундузнинг асосий қамоқхонасини ишғол қилиб, 500га яқин муҳбусни озод қилган.

Рейтерс агентлигининг хабар қилишича, Толибон жангарилари шаҳар марказидаги чоррахада ўз байроқларини тиккан. Жангарилар вилоят ҳокимияти биносига яқинлашган, дея хабар қилди Рейтерс.

Толиблар касалхона ва суд биноларини ҳам босиб олгани айтилмоқда. Хабарларга кўра, ҳукумат кучлари билан жангарилар ўртасида қуролли қарама-қаршилик ҳамон давом этмоқда.

Ҳукумат расмийлари Қундуз шаҳрига қўшимча кучлар юборилаётганини айтмоқда. Полицияга кўра, иккала тарафдан талафотлар бор.

Нисбатан тинч бўлган Афғонистон шимолида кейинги йилларда зўравонликлар кўлами ошмоқда. Қундуз шаҳри апрель ойида ҳам Толибон тарафидан ҳужумга учраган ва ҳукумат қўшинлари билан тиғиз жанглар майдонига айланган эди.