Бан Ки Мун Суриядаги вазиятни Халқаро Жиноят судида кўриб чиқишга чақирди

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Бан Ки Мун душанба куни БМТ Бош Ассамблеясида қилган чиқишида илк бор Суриядаги вазиятни Халқаро Жиноят судида кўриб чиқишга чақирди. Бан Ки Мун Россия, АҚШ, Саудий Арабистони, Эрон ва Туркияни 2011 йилдан буён уруш давом этаётган Суриядаги тўқнашувларни тўхтатиш имкони бўлган асосий ўйинчилар ўлароқ санаб ўтди.

БМТ Бош котиби Сурияда “дипломатик фалажлик”ка барҳам бериш зарурлигини билдирди. Бан Ки Мун Суриядаги тўқнашувларга чек қўйиш бўйича асосий масъулият аввало урушаётган томонлар зиммасида эканини урғулади.

Айни пайтда БМТ Бош котиби Сурия муаммосини ҳал қилиш йўлларини фақат мамлакат ичкарисидан қидириш етарли эмаслигини, чунки бу ерда қон тўкилиши давом этишига Яқин Шарқ минтақасида ўзаро рақиб бўлган катта давлатлар ҳам кўмаклашаётганини қистириб ўтди.

Сурия муаммоси 28 сентябрь куни Нью Йоркда учрашган АҚШ ва Россия президентлари Барак Обама ва Владимир Путин мубоҳасасининг ҳам асосий мавзуи бўлди. 1,5 соатдан ортиқроқ давом этган мазкур учрашувда Обама ва Путин Украина бўҳронига оид масалаларни ҳам муҳокама қилганлар.