Афғонистон хавфсизлик кучлари Қундузни Толибондан қайтариб олишга ҳозирланмоқдалар

Қундуз ҳужумига тайёрланаётган афғон хавфсизлик кучлари.

Афғонистонда хавфсизлик кучлари Қундузни толиблардан қайтариб олиш учун аксилҳужумга сафарбар қилинди.

28 сентябрь куни Толибон жангарилари билан бўлган бир неча соатлик жангдан сўнг ҳукумат қўшинлари ва мулозимлар Қундуз аэропорти томон чекингандилар.

Шаҳар устидан тўла назоратни қўлга киритган толиблар эса Қундуздаги маъмурий бинолар устига ўзларининг оқ байроғини тикиб, маҳаллий қамоқхонадаги юзлаб тарафдорини озод қилгандилар.

Қундуз полицияси вакили Сарвар Ҳусайний сешанба куни Толибон жангариларига қарши амалиёт яқин соатлар ичида бошланажагини билдирди.

Афғонистон ички ишлар вазири ўринбосари Аюб Салангий эса хавфсизлик кучлари Қундузни қайтариб олишга тайёр эканини айтди ва Толибон шаҳарни қандай қилиб эгаллашга муваффақ бўлганини аниқлашга ваъда берди.

Қундуз ишғоли 14 йил ичида Афғонистон хавфсизлик кучларининг энг йирик мағлубияти бўлиб ҳисобланади. Халқаро коалиция кучлари Афғонистонда амалиёт бошлаган 2001 йилдан буён бу ўлкада толиблар ҳали бирор марта ҳам Қундуз каби йирик шаҳарларни эгаллаб ололмаганди.