Толиблар Афғонистон шимолини Кобулга боғлаган Қундузни эгаллади

Афғонистонлик расмий хавфсизлик кучлари билан бир неча соат давом этган жанглардан сўнг толиблар мамлакат шимолидаги Қундуз шаҳрини эгаллаб олганини айтди. Қундуз шаҳрининг 28 сентябрь куни толиблар қўлига ўтиши Афғонистон хавфсизлик кучлари учун йирик мағлубият сифатида баҳоланди.

Ўтган йили халқаро қўшинлар Афғонистондан олиб чиқилганидан бери мамлакат хавфсизлик кучлари толибларга машаққат билан қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Охирги 14 йил ичида Афғонистон хавфсизлик кучлари бирор марта ҳам вилоят марказини тарк этмаган эди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Сидиқ Сидиқий Associated Press агентлиги билан суҳбатда: “Қундуз шаҳри мағлуб бўлиб, толиблар қўлига ўтди”, деди.

Сидиқий яна: “Қундуздаги хавфсизлик кучлари ҳужумга тайёр эди, аммо бундай йирик ва бир пайтда 10 жойда уюштирилган ҳужумга тайёр эмас эди”, деди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Толиблар Афғонистон шимолини Кобулга боғлаган Қундузни эгаллади

Сидиқий шаҳарга қўшимча ҳарбийлар юборилганини ҳам айтди. Йил бошида ҳукумат кучлари толибларнинг Қундузга уюштирган йирик ҳужумини тўхтатишга муваффақ бўлган эди.

“Биз шаҳарни толиблардан тезкорлик билан тозалаш учун қўлимиздан келганини қиляпмиз”, деди Сидиқий.

Толиблар эса ижтимоий тармоқларда Қундузни “забт” этишганини иддао қилишди.

Толибларнинг янги етакчиси мулла Ахтар Мансурга тегишли экани айтилаётган билдирувда: “Қундуз турғунлари ўз ҳаёти ва мулкларини сақлаб қолиш ҳақида қайғурмасликлари керак. Мутлақ хавфсизликда кундалик ишларингизни қилаверинг. Барча савдогарлар, ишчилар, шифохона ходимлари, шаҳар ва давлат идоралари ходимлари ўз ишларини қўрқув ёки хавотирсиз давом эттирсинлар”, дейилади.

Аммо шаҳар аҳли толиблар дўконларни талон-тарож қилаётгани ҳамда шаҳарда жойлашган радио станциясини ёқиб юборишгани ҳақида арзланди.

1996-2001 йилларда ҳукм сурган жангари гуруҳ ўз бошқарувидаги ерларда шариат қонунларини таъсис этган эди. Хусусан, қиз болаларнинг мактабга бориши ва мусиқа эшитиш ман қилинган эди.

Аввалроқ толиблар Қундуздаги вилоят ҳокимияти биносини эгаллаб олишганини ҳамда айрим давлат расмийлари қочиб борган аэропорт томон йўл олишганини билдирган эдилар.

Саросимага тушган юзлаб шаҳар турғуни ҳам қочиш мақсадида аэропорт томон йўл олган.

Жангарилар Қундузнинг асосий майдонида Толибоннинг оқ байроғини тикиб, маҳаллий қамоқхонадан ўзларининг юзлаб тарафдорини озод қилганлар.

Шаҳарни озод қилиш учун Қобулдан ва қўшни вилоятлардан ҳукумат қуролли кучларининг махсус бўлинмалари йўлга чиққани айтилмоқда. Ашраф Ғани матбуот котибининг ўринбосари аввалроқ Қундуздаги вазиятни “беқарор” дея баҳолаган эди.

Зафар Ҳошимий мамлакат президенти “хавфсизлик ва мудофаа вазирлиги етакчиларига йўл-йўриқ кўрсатиш учун улар билан мунтазам алоқа қилаётганини” билдирди.

Бизнинг асосий мақсадимиз шаҳар аҳлининг хавфсизлигини таъминлашдир”, деди Ҳошимий.

"Чегарасиз шифокорлар" халқаро ташкилоти ҳужум бошланганидан бери Қундузда 100 дан ошиқ одамга тиббий ёрдам кўрсатилганини, улар орасида 36 шахс жиддий жароҳат олгани ва оғир аҳволда эканини билдирди.

Қундуздаги Афғонистон хавфсизлик расмийлари толиблар ҳам, мамлакат хавфсизлик кучлари ҳам кўп одам йўқотганини таъкидлади.

БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссияси 28 сентябрь куни ҳужум бошланганидан кўп ўтмай Қундуздаги ишчиларини эвакуация қилди.

БМТ матбуот котиби Доминик Медли: “Улар Афғонистон ичидаги бошқа ҳудудга олиб ўтилдилар”, деди, аммо уларнинг сони нечталигини ёки айнан қаерга эвакуация қилинганини очиқлашдан бош тортди.

Афғонистоннинг қачонлардир тинч бўлган шимолида кейинги йилларда нотинчлик ҳукм сурмоқда.

Ўтган йилнинг декабрь ойида НАТО Афғонистондаги миссиясини якунлаб, қўшинларининг йирик қисмини мамлакатдан олиб чиқиб кетиши ортидан апрель ойида толиблар Қундуз шаҳрини эгаллаб олиш учун ҳужум уюштирдилар.

Қундуз вилоятидан марказий ва шимилой Афғонистонни боғлаб турувчи йўллар, жумладан, пойтахт Қобулга борувчи магистрал йўл ўтган.