Лавров: Россия ва АҚШ раҳбари ИДга қарши кураш масаласини муҳокама қилди

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши давомида икки томонлама тартибда учрашган Россия ва АҚШ президентлари "Исломий давлат"га қарши кураш масаласини муҳокама қилганини маълум қилди.

29 сентябрь куни Russia Today телеканалига интервью берган Лавров сўнгги икки йил ичида илк бор учрашган Путин ва Обама музокараси "амалий" ўтгани ва хусусан, Сурия масаласида "АҚШ ҳамда Россиянинг яқиндан ҳамкорлик қилиш имконларини муҳокама қилинган"ини таъкидлади.

"Россия ҳам, АҚШ ҳам мутлақо қатъий равишда "Исломий давлат" ғалаба қозонишига йўл бермасликка қарор берган", деди жумладан Сергей Лавров.

АҚШ раҳбарияти Россия ҳукуматининг президент Башар Ассад армиясини замонавий қурол, ҳарбий самолёт ва ҳарбий хизматчилар билан қувватлаётганини танқид қилиб келади.