Ироқ Бош вазири Россия Ироқдаги жангариларга ҳужум қилишига қарши эмас

Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал Абодий.

Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал Абодий, агар Москва Ироқ ҳудудида жангарилар манзилларини бомбардимон қилиш таклифи билан чиқса, бу таклифни иккиланмай қабул қилиши ҳақида билдирди.

Франция-24 телеканалига 1 октябрда суҳбат берган Абодийнинг айтишича, ҳозирча Россия бу ҳақда ҳеч қандай таклифларни киритмаган. “Агар бундай таклиф бўлса, мен буни маъқуллайман”, деди Абодий.

Ироқ Бош вазири Россия президенти Владимир Путин билан мулоқот қилаётганини ҳам айтиб ўтди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 1 октябрь куни Москва Ироқда ҳаво ҳужумларини уюштириш режасига эга эмаслиги ҳақида баёнот берган эди.

Ироқ Бош вазири, агар рус ҳарбий учоқлари “Исломий давлат” гуруҳи жангариларини эмас, Сурия мухолифати қуролли кучларини бомбардимон қилаётгани исботланса, қаттиқ афсусда бўлишини алоҳида таъкидлади.

Абодий "Москва ва Вашингтон Сурия атрофидаги баҳсларга барҳам бериб, бу минтақада барқарорлик ўрнатиш учун биргаликда ҳаракат қилишлари лозим", деган фикрни билдирди.