Муҳаммад Бекжон ҳимоясига 140000 кишининг имзоси тўпланди

Ўзбек қамоғида 16 йилдан буён ушлаб турилган журналист Муҳаммад Бекжоннинг озодлигини талаб қилиб, Amnesty International ташкилоти имзо тўплаш акцияси ўтказди.

Ташкилот хабарига кўра, акцияда дунё бўйлаб 140мингдан зиёд одам иштирок этган.

Amnesty International томонидан 61 ёшли Муҳаммад Бекжон дунёдаги энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналист дея эътироф этилди.

Муҳаммад Бекжон 1999 йил февралида Тошкентда содир этилган портлашларга алоқадорликда гумон қилиниб, Киевдаги уйидан ўғирлаб кетилганди.

Муҳаммад Бекжон маҳкамада портлашларга алоқадорлик ҳақидаги айбларни қатъиян рад этган эса-да, унга 15 йиллик қамоқ жазоси берилганди.

Мухолифатдаги "Эрк" газетасининг бош муҳаррири бўлган Муҳаммад Бекжон ўзбек мухолифати лидерларидан бири Муҳаммад Солиҳнинг укасидир.

Муҳаммад Бекжон 2012 йил февралида озодликка чиқарилиши керак эди, аммо муддати тугашига бир ой қолганида қамоқхона маъмуриятига бўйсунмаслик айби билан унга берилган жазо муддатини яна 4 йилу 8 ойга узайтирди.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти ҳам Муҳаммад Бекжонни дунёдаги қамоқда энг узоқ сақланаётган журналист деб атаган.​

Икки йил муқаддам Навоийдаги қамоқхонадаги турмуш ўртоғини бориб кўрган Муҳаммад Бекжоннинг аёли Нина Бекжонова унинг саломатлиги жуда ёмонлашганига гувоҳ бўлган эди.

Нина Бекжонованинг айтишича, турмуш ўртоғи сил касаллигига чалинган, грижасини олиб ташлаш учун жарроҳлик амалиёти зарур.

Муҳаммад Бекжоннинг рафиқаси ва уч қизи ҳозир Қўшма Штатларда истиқомат қилади.

Халқаро ташкилотлар йиллардан буён Муҳаммад Бекжонни озод қилиш талаби билан Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб келади.