Башар Ассад Россияни тинчлик ўрнатувчи сифатида кўрмоқда

Башар Ассад ва Владимир Путин. Россиядаги тарғибот плакати.

Сурия президенти Башар Ассад Россия ва иттифоқчиларнинг Сурия ҳудудидаги ҳарбий амалиётларида муваффақиятга эришиши Яқин Шарқда барқарорликнинг тикланиши учун муҳим омил бўлиб ҳисобланади, деб баёнот берди.

Эроннинг Хабар нашрига суҳбат берган Башар Ассад АҚШ етакчилигидаги халқаро коалициянинг Суриядаги амалиётлари фақат минтақадаги вазиятни издан чиқаришга хизмат қилиши мумкин, деб ҳисоблашини ҳам алоҳида таъкидлади.

Ассад Россия 30 сентябрда Суриядаги жангариларга қарата ҳаводан зарба бера бошлаганидан сўнг биринчи марта бу борада изоҳ берди. Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон Россиянинг Суриядаги ҳаракатларини қўпол хато, деб баҳоламоқда.

Кремлнинг билдиришича, сўнгги 24 соат ичида рус ҳарбий учоқлари Сурияда 20та жанговар парвозни амалга оширган ва ”Исломий давлат” гуруҳининг 10та манзилига зарба берган.