Тожикистонда Ислом Уйғониш партиясининг 23 етакчиси ҳибсга олинди

ТИУП етакчиси Муҳиддин Кабири Тожикистондан ташқарида муҳожиратда яшайди

Тожикистон Бош прокуратурасининг билдиришича, мамлакатда тақиқланган Ислом Уйғониш партиясининг 23 мулозими ҳибсга олинган. Уларнинг кўпчилиги сентябрь ойида собиқ мудофаа вазири ўринбосари томонидан уюштирилган исёнга алоқадорликда гумонланмоқда.

Бош прокуратуранинг 6 октябрь куни маълум қилишича, террорчилик, диний ва ирқий адоватни қўзғатиш ва куч билан ҳокимиятни эгаллашга ҳаракат қилишда айбланаётган партия етакчилари устидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги шунингдек, ҳужжатларни қалбакилаштирганлик, фирибгарлик ва бошқа иқтисодий жиноятларда айбланмоқда.

Ҳибсга олинганлар орасида Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раиси ўринбосарлари ҳам борлиги айтилмоқда. ТИУП етакчиси Муҳиддин Кабирининг ўзи Тожикистондан ташқарида муҳожиратда яшайди.

29 сентябрь куни Тожикистон Олий суди ТИУПни “экстремист ва террорчи ташкилот”, деб эълон қилиб, фаолиятини тақиқлади. Мазкур қарор 4 сентябрь куни Душанбеда полиция бўлимларига қилинган ҳужумлар оқибатида 26 киши ҳалок бўлиши ортидан қабул қилинди. Расмийлар ҳужумларда Тожикистон мудофаа вазирининг ўринбосари Абдуҳалим Назарзодани айблади.

ТИУП вакиллари партиянинг Назарзодага ёки исёнга алоқадорлиги тўғрисидаги айбловларни рад этган.