Қозоғистонда ака-ука "жиҳодчилар" қамалди

Алмати вилоятида яшайдиган икки қозоғистонлик Сурияда “Ал-Қаида” лидерларидан бири етакчилигидаги гуруҳ сафида “жиҳод”да қатнашгани ҳамда Қозоғистон ҳудудида “радикал ғояларни тарғиб қилгани” учун 6 йилданга озодликдан маҳрум қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган Алмати вилояти прокуратурасига кўра, 1973 йилда туғилган, жорий йил мартида Қозоғистон махсус хизматлари томонидан қамоққа олинган Қорасой туманилик фуқаро Туркия орқали Сурияга етиб борган ва Абу Убайда гуруҳи сафларида “жиҳод” қилиб юрган акасига қўшилган.

Прокуратурага кўра, ака-ука Ҳалаб шаҳридаги марказий қамоқхонани ишғол қилиш учун жангларда қатнашган ва улардан бири Қозоғистонга қайтиб, “қуролли жиҳод тарғиботи билан шуғулланган”.

Суд ака-ука устидан ҳукм чиқарар экан, уларнинг тергов билан ҳамкорлик қилганини ва қарамоқларида вояга етмаган болалари борлигини ҳисобга олган. Маҳкумлар жазони умумий режимли колонияда ўтайди.