NATO 2016 йилдан сўнг ҳам Афғонистон армиясини қўллаб-қувватлашга тайёр

Йенс Столтенберг.

NATO Афғонистон хавфсизлик кучларини 2016 йилдан сўнг ҳам аввал режалаштирилганидан кўпроқ миқдорда қўллаб-қувватлашга тайёр. Ташкилотга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг 8 октябрда Брюсселда бўлиб ўтган йиғинида мана шу ҳақда маълум қилинди.

“Мен кўпчилик иттифоқчилар ҳарбийларнинг Афғонистондаги ҳозирлик муддатини режалаштирилганидан кўпроқ вақтга узайтиришга тайёрлигини ҳис қилдим”, деб билдирди NATO Бош котиби Йенс Столтенберг.

Афғонистон кучлари Толибон босиб олган Қундуз шаҳрини ҳукумат назоратига қайтарган бўлса-да, мазкур воқеа NATOни ташвишга солмай қўймади.

АҚШ мудофаа вазири Эш Картер эса йиғилишда иттифоқчиларни 2016 йилдан сўнг Афғонистонда кўпроқ миқдордаги қўшинларни қолдириш масаласини кўриб чиқишга чақирди.

Тасдиқланган режага кўра, АҚШ 2016 йилдан сўнг Афғонистонда фақат мингга яқин ҳарбийсини қолдириши керак эди.