Эрон Инқилоб посбонлари кенгаши ядровий битимни тасдиқлади

Эроннинг Инқилоб посбонлари кенгаши 14 октябрь куни дунё давлатлари билан тузилмиш ядровий битим бажарилишини тасдиқлади. Битимни бекор қилиш бўйича кескин позицияда турганларнинг хатти-ҳаракати қарамай, уни тасдиқлаш жараёни учун зарур бўлган бу сўнгги қадам қўйилди.

Битим ратификацияси Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳукумати қўллаган қонун мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган куннинг эртасига амалга оширилди.

Инқилоб посбонлари кенгашига кирувчи муҳофазакор диний арбоблар ва амалдорлар маъқулловидан кейин мазкур қонун лойиҳаси қонунга айланди.

Қонун президент Руҳоний бошчилигидаги асосий хавфсизлик органи бўлган Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгашига ядровий битимни амалга ошириш учун масъулият ваколатини беради.

Мазкур қарор Эронга, агар дунё давлатлари иқтисодий санкцияларни бекор қилиш бўйича ўз ваъдаларини бажармаса ёки янги санкция жорий қилса ва ё аввалги санкцияларни қайта тикласа, ядровий битимдан воз кечиш имкониятини беради.

Шунингдек, қонун Эрон ҳукумати ядро қуролига эгалиги тахмин этилмиш Исроилнинг ядровий қуролдан воз кечиши йўналишида ҳам ишлашини талаб қилади.