Обама АҚШ ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиш режасига ўзгартишлар киритди

Барак Обама Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари тақдирига оид ўз режасини очиқламоқда, Вашингтон, 2015 йилнинг 15 октябри.

АҚШ президенти Барак Обама 9800 нафар америкалик ҳарбий 2016 йил охиригача Афғонистонда қолиши, кейинги йилда эса улар сони қисқаришини эълон қилди.

15 октябрь куни Оқ уйда чиқиш қилган Обама Афғонистондаги АҚШ қўшинлари миссияси ўзгармаслигини, улар афғон хавфсизлик кучларини ўқитишда ва мамлакатдаги террорчиликка қарши амалиётларда кўмак кўрсатишда давом этажакларини билдирди. АҚШ президенти 5500 нафар америкалик ҳарбий 2017 йилдан кейин ҳам Афғонистонда қолишини урғулади.

Аввалроқ Обама АҚШ президенти лавозимини тарк этадиган 2017 йилгача асосий кучларни Афғонистондан олиб чиқиб кетмоқчи эканини билдирганди.

Обамага кўра, америкалик аскарлар асосан Кобул шимолидаги Бағром базаси, мамлакат шарқидаги Жалолобод базаси ва жанубдаги Қандаҳор базасида жойлашади. Америкалик ҳарбийлар афғон қўшинларини машқ қилдириш билан бир қаторда уларга Толибон, Ал-Қоида ҳаракатлари ва “Исломий давлат” гуруҳи жангариларига қарши амалиётлар чоғида кўмаклашиши ҳам айтилмоқда.