Ўшда аҳолига бериладиган ерни сотиб юборган мулозимлар тергов қилинмоқда

Ўш шаҳар мэрияси, ҳукумат аппарати, Жапалақ қишлоқ ҳукумати, шаҳар архитектура ва давлат қайди бошқармалари ижтимоий объектлар ва турар-жойлар қурилиши учун ажратилган ер участкасини ноқонуний равишда сотиб юборганлар.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Қирғизистон Бош прокуратурасига кўра, 30 гектар бўлган ер майдони 310 минг сўмга (тақрибан 4425 АҚШ доллари – таҳр.) мамлакат жанубидаги олий ўқув юрти ректорларидан бирининг рафиқасига сотилган.

Қайд этилишича, Жапалақ қишлоқ кенгаши аҳолисининг ижтимоий эҳтиёжларини қондири учун ҳукумат қарори билан 30 га “қишлоқ хўжалиги учун ажратилган ер” “аҳоли пункти ерлари” тоифасига ўтказилган. Бу ерда 154 та уй, мактаб, болалар боғчаси, ичида дорихонаси бўлган фельдшерлик пункти, ишлаб чиқариш-саноат мажмуаси ва бошқа зарур инфратузилма объектлари қурилиши лозим эди.

Бош прокуратура хабарида мазкур ҳодиса юзасидан “Коррупция” моддаси бўйича жиноят иши очилган, ҳозирда тергов ишлари олиб борилаётгани айтилади.