Афғонистон. Ҳилмандда Толибон билан қақшатқич жанглар давом этмоқда

Афғонистон жанубидаги Лашкаргоҳ шаҳри яқинида ҳукумат кучлари билан Толибон ҳаракати жангарилари ўртасида қақшатқич жанглар давом этмоқда.

Бир кун олдин толиблар шаҳарга яқин ҳудудни ишғол қилган эди.

Афғон расмийларига кўра, толиблар ўтган тунда шаҳар мавзеларидан бирини эгаллаб олганидан сўнг жанг қилаётган ҳукумат кучларига қўшимча мадад юборилган.

Ҳилманд вилояти маркази Лашкаргоҳ шаҳрини аҳолининг бир қисми ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Жанглар Қандаҳор билан Ҳиротни боғловчи катта йўл бўйида давом этаётгани хабар қилинди.

НАТОнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари якунига етган 2014 йилгача Ҳилмандда АҚШнинг “Кэмп Лэзернек” ва Британиянинг “Кэмп Бэстион” ҳарбий базалари жойлашган эди.

Ҳилманд дунёдаги кўкнори етиштириладиган энг йирик ҳудудлардан биридир.