Рус учоқлари зарбасидан Суриядаги госпиталда 13 киши нобуд бўлди

Сурияни бомбалаётган рус учоқларидан бири.

Сурия шимолий-ғарбида рус учоқлари дала госпиталига қарата берган ҳаво зарбаси натижасида шифокорлар дохил 13 киши нобуд бўлди.

Суриялик ҳуқуқ фаолларининг Франс-пресс агентлигига маълум қилишларича, бу ҳодиса сешанба куни Идлиб вилоятининг Сармин шаҳрида содир бўлган.

Госпиталга Сурия-Америка тиббий жамияти бошчилик қилади. Шифохона ходимлари бўмбабўрон ҳодисасини тасдиқладилар, бироқ бунинг Россия учоқлари амалга оширган-оширмагани ҳақида аниқ бир гап айтолмадилар.

Чоршанба куни Россия Мудофаа вазирлиги Сармин шаҳрига ҳаводан зарба берилгани ҳақида баёнот берган, бироқ баёнотда госпиталь ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Россия Башар Ассад режимига мухолиф бўлган исёнчилар истеҳкомларига зарба бергани учун тез-тез танқид қилиб турилади. Суриялик ҳуқуқ фаолларининг сешанба куни тарқатган маълумотига кўра, Россия авиацияси рейдлари натижасида ҳалок бўлган 370 кишининг 127 нафари тинч аҳоли вакилларидир.