Япония Қозоғистонда АЭС қурилишини қўллайди

Япония Бош вазири Синзо Абэ (чапда) ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев.

Япония Қозоғистонда минтақадаги дастлабки атом электр станциясини барпо этиш лойиҳасини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда кеча Остонада президент Назарбоев билан учрашган Япония Бош вазири Синзо Абэ маълум қилди.

Нурсултон Назарбоевнинг музокаралардан сўнг журналистларга билдириишча, Қозоғистон ва Япония умумий қиймати 700 миллион доллар бўлган лойиҳани амалга ошириш ниятини билдирган. Бундан ташқари яна 700 миллион долларлик олти лойиҳа устида ҳам ишланади.

Қозоғистон Синзо Абэнинг Марказий Осиё давлатларига қилган расмий сафарининг сўнгги нуқтаси бўлди. Марказий Осиё сафари доирасида Япония ва Туркманистон 18 миллиард, Ўзбекистон 8 миллиард долларлик шартномаларни имзолади. Қирғизистонга эса Япония 120 миллион доллар беради. Бу пулнинг 107 миллион қарз, 13 миллиони эса грант бўлиб ҳисобланади.