Жанубий Осиёдаги зилзила қурбонлари сони 367 кишига етди

Афғонистонда зилзила қурбонларига жаноза ўқилмоқда.

Жанубий Осиёда юз берган зилзила қурбонлари сони 367 кишига етди. Қурбонларнинг асосий қисми Покистон шимолида яшаган одамлардир.

Покистон ва Афғонистоннинг тоғли ҳудудларида минглаб одамлар уйсиз қолган. Сўнгги маълумотларга қараганда, қурбон бўлганларнинг 248 нафари, жароҳатланганларнинг 1600 нафари покистонликдир. Афғонистонда эса ўлганлар сони 115 кишини, жароҳатланганлар 538 кишини ташкил қилган.

Афғонистон ва Покистонда жами 10 мингдан ортиқ турар - жой бинолари вайрон бўлган. Тожикистонда эса зилзила пайтида 14 ўқувчи жароҳат олган.

Покистон ва Афғонистон маҳаллий ҳукуматлари қурбонлар сони янада кўпайши мумкинлигидан ҳавотир билдирмоқда. Уларга кўра, вайронагарчиликлар туфайли зилзиладан зиён тортган бир қатор туманлар билан алоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаяпти.

26 октябрь куни юз берган зилзила магнитудаси, маълумотларга кўра, Рихтер шкаласи бўйича 7,7 баллга етган.

Эпимаркази Афғонистон шимолидаги Ҳиндукуш тоғларида бўлган ва бир неча дақиқа давом этган зилзила Кобул, Исломобод, Деҳли ва бошқа йирик шаҳарларда минглаб одамни кўчага ҳайдади.

Ер силкиниши Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам сезилган. Тошкент сейсмик маркази берган маълумотга кўра, пойтахтда зилзила тўлқинлари 5 баллни ташкил этган. Сурхондарёда эса ер силкиниши 5,5 балл кучга эга бўлган. Ўзбекистонда талафот ва вайронагарчиликлар тўғрисида расмий хабарлар йўқ.

АҚШ, Эрон ва бошқа мамлакатлар хориждан кўмакка муҳтож бўлган Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами таклиф қилганлар.