Бугун Россиядаги Украина кутубхонаси директори Москва судига олиб келинади

Москвадаги Украина кутубхонаси директори Наталья Шарина.

Бугун Москва судида Москвадаги Украина кутубхонаси директори Наталья Шаринага нисбатан эҳтиёт чорасини белгилаш бўйича жараён бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Россия Тергов қўмитаси Украина кутубхонаси директорига нисбатан миллий адоват қўзғаш айблови билан жиноят иши очишни ва Шаринага ҳибсда сақлаш эҳтиёт чораси қўлланилишини талаб қилмоқда. Мазкур айблов билан Шарина 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Россия ПЕН-маркази Москвадаги Украина кутубхонасида ўтказилган тинтув ва кутубхонанинг вайрон этилишидан норозилик билдирди. Юзлаб рус ёзувчилари, журналистлари, жамоат арбоблари имзолаган баёнотда, Украина кутубхонасининг йўқ қилиниши “ақлсиз ва виждонсиз сиёсатчиларнинг яна бир жинояти бўлиши” таъкидланган.

Россия ПЕН –маркази Москвадаги Украина кутубхонаси ходимларининг абсурд айбловлар билан таъқиб қилинишини тўхтатишни талаб қилган.

Пайшанба куни Россия Тергов қўмитаси Наталья Шаринани 2011-2015 йилларда украин миллатчиси Дмитрий Корчинский асарларини Россия ҳудудида тарқатганликда айблаб қўлга олган ва украин кутубхонасида тинтув ўткизганди.

Украина кутубхонаси ходимлари ўз директорига “сиёсий вазиятдан келиб чиқиб босим кўрсатилаётгани, тинтув пайтида полиция ходимлари кутубхонага тақиқланган адабиётларни ташлаб қўйгани” ҳақида кўрсатма бераётир.