АҚШ Россия ҳаво зарбалари оқибатида Сурияда тинч аҳоли ҳалок бўлганини айтмоқда

Давлат департаменти матбуот котиби Жон Кирби.

Қўшма Штатлар Россия ҳарбий самолётларининг Суриядаги ҳаво зарбалари оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани ва касалхонага бомба ташлангани ҳақида маълумотга эга эканини билдирди.

Давлат департаментининг 29 октябрь куни маълум қилишича, фуқаролик гуруҳлари Россия самолётлари тинч аҳоли яшаётган жойларни бомбардимон қилаётганини айтиб келмоқда, Москва эса бу маълумотларни инкор қилаётир.

“Бизда рус ҳарбий самолёти касалхонага бомба ташлагани ҳақида айрим маълумотлар бор. Бизда мавжуд бошқа оператив маълумотларга қараганда, рус ҳарбийлари нафақат “Исломий давлат” гуруҳи манзилларини, балки фуқаролик инфраструктурасини ҳам бомбардимон қилмоқда”, деб айтди Давлат департаменти матбуот котиби Жон Кирби.

Лондондаги Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ўтган ҳафтада Россия ҳарбий самолётлари зарбалари пайтида 13 одам, жумладан, шифокорлар ҳалок бўлганини билдирган эди. Бироқ Россия телевиденияси Халқаро Қизил Хоч қўмитаси бундай маълумотларга эга эмаслигини айтгани тўғрисида хабар берган.