Тожикистонга қарашли самолёт Жанубий Суданда ҳалокатга учради

Жанубий Суданда қулаб тушган Ан-12 учоғи.

Тожикистоннинг Asia Airways ширкатига қарашли Совет даврида ишлаб чиқарилган Ан-12 самолёти 4 ноябрь куни Жанубий Судан пойтахти Жубада ҳалокатга учраши оқибатида камида 36 киши ҳалок бўлди.

Хабарларда айтилишича, Жанубий Судан томонидан фойдаланилаётган самолёт Юқори Нил вилоятига учаётган эди. Бироқ самолёт ҳавога кўтарилишидан кўп ўтмай ҳалокатга учраган. Айрим хабарларда ҳалок бўлганлар сони 40 кишидан ортиқ экани айтилмоқда. Самолёт қулаши оқибатида ерда ҳам қурбонлар бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бироқ уларнинг сони ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Тожикистоннинг Asia Airways ширкати раҳбари Нарзиқул Хамроевнинг Озодлик радиосига айтишича, экипажнинг 6 аъзоси ҳам ҳалок бўлган. Уларнинг беш нафари Арманистон, бири нафари Россия фуқароси бўлган.

“Вести.ру” нашрининг хабар беришича, ҳалокатга учраган Ан-12БК бортли самолёт Тошкентдаги Чкалов номидаги авиация бирлашмасида 1971 йили ишлаб чиқарилган.