Қирғизистоннинг энг кекса одами 130 ёшга тўлди

Айша Атабаева.

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорасув туманида яшовчи Айша Атабаева 130 ёшга тўлди.

Бу ҳақда Қорасув туман давлат маъмурияти расман хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, Айша Атабаева Попон қишлоқ ҳукуматининг Тўққизбулоқ овулида истиқомат қилади. У 1885 йилда Олой туманида туғилган.

Айша Атабаева 1905 йилда Тўққизбулоқ қишлоғидаги йигитга турмушга чиққан. Улар олти фарзандли бўлишган. Бугунги кунда Айша Атабаева 4 фарзанди, 32 невараси ва 47 чевараси парваришида яшамоқда.

Қорасув туман давлат маъмуриятининг билдиришича, 130га кирганига қарамай Айша эже яхши эшитади, кўриш қобилаяти ҳам сусаймаган.

Расмий маълумотларга қараганда Қорасув туманида ёши юздан ошган 10 қария истиқомат қилади.