Россияда ойлик маошлар 25 фоизгача камайди

Россияда майда бизнеснинг даромади 15 фоизга қисқарган.

Россия Меҳнат вазирининг 2015 йилда Россияда ойлик иш ҳақлари 8 - 9 фоизга қисқаргани тўғрисидаги маълумоти ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлигига суҳбат берган Россия Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси проректори Александр Сафонов билдирди.

Олимнинг айтишича, жорий йилда давлат хизматчиларининг реал ойлик маошлар 25 фоизга қисқарган. Майда бизнес вакилларининг даромади эса ўтган йилдагиларга нисбатан 15 фоизга кам бўлган.

Россия меҳнат вазири Максим Топилин пайшанба куни ҳукумат йиғилишида сўзлаган нутқида мамлакатда иш ҳақларининг қисқариши санкциялар ортидан келиб чиққан иқтисодий инқироз билан боғлиқ эканини айтган эди.

Меҳнат вазирининг таъкидича, бугунги кунда Россииядаги ишсизлик даражаси ўтган йилги кўрсаткичдан фарқ этмайди ва 5,2 фоизни ташкил қилади.