Россия ўз фуқароларини Мисрдан олиб чиқа бошлади

Шарм ал Шайх аэропортидан олиб чиқиб кетилаётган Россия ва Британия сайёҳлари.

Британия ҳукумати ортидан Россия ҳам Мисрдан ўз фуқароларини олиб чиқа бошлади. Ўтган бир сутка мобайнида Мисрда саёҳатда бўлган 11 минг россиялик мамлакатдан олиб чиқилди. Бугун олиб чиқиладиган россияликлар сони ундан ҳам кўп бўлиши кутилмоқда.

Йўловчиларга фақат енгил сумкаларнигина ўзлари билан олишга рухсат берилаётир. Сайёҳларининг оғир юклари ва чамадонлари алоҳида самолётларда олиб чиқилмоқда. Айни пайтда Мисрнинг Шарм ал Шайх ва Ҳургада курортларида дам олаётган россияликлар сони 80 минг киши экани хабар қилинмоқда.

Россия ҳукумати 31 октябрда 224 йўловчиси бўлган рус самолёти Мисрда ҳалокатга учраганидан сўнг бу мамлакатга парвозларни вақтинча тўхтатган. Самолётнинг ҳалокатга учрашига бомба портлатилиши сабаб бўлган, деган тахминлар олға сурилмоқда.