Франция Париждаги террор ҳужуми ташкилотчисига қидирув эълон қилди

Париждаги террорчилик ҳаракатларига алоқадорликда гумонланаётган Бельгия фуқароси Абдусалом Салоҳ.

Француз полициясининг 15 ноябрь куни билдиришича, Париждаги террорчилик ҳаракатларига алоқадорликда гумонланаётган Бельгия фуқароси Абдусалом Салоҳ қидирувга берилди.

Полиция маълумотида Салоҳ “қуролланган ва хавфли” экани қайд этилган. Бельгия полицияси ҳам уни қамоққа олиш ҳақида кўрсатма олган. Франция полицияси Абдусалом Салоҳни Париждаги террорчилик ҳаракати ташкилотчиларидан бири сифатида гумонламоқда.

13 ноябрда Парижнинг бир қатор ҳудудларида содир этилган террорчилик ҳаракатлари учун масъулиятини “Исломий давлат” гуруҳи ўз зиммасига олган. Мазкур террор амалиётлари пайтида 132 одам ҳалок бўлган,350 одам яраланган.

Франция ички ишлар вазири Бернар Казенев Париждаги террор ҳужумлари хориждан туриб режалаштирилгани ва ҳужумчилар Белгьгия ҳудудида тайёргарликдан ўтганларини билдирди. Бельгия полицияси Париждаги террор ҳужумларидан сўнг Брюсселда 7 кишини қўлга олган.