Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев ҳибсга олинди

Бугун жиззахлик 37 яшар Ўктам Пардаев Дўстлик туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган фаолнинг укаси Шароф Пардаевга кўра, акасининг уйида тинтув ўтказилиб, унга тегишли айрим нарсалар мусодара қилинган.

Пардаевга нисбатан жиззахлик бир фермер аёлдан 500 минг сўм пора олганлик айби билан жиноят иши қўзғатилгани айтилаяпти.

Асли касби мусиқашунос бўлган Ўктам Пардаев 2005 йилдан буён Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилотининг Жиззах вилоят булими раиси вазифасида ишлаб келади.

У вилоятдаги болалар меҳнати билан боғлиқ вазиятни мониторинг қилиб келмоқда.

Яқинда Ўктам Пардаев вилоят ОВИРидан "чиқиш визаси" учун топширган аризасига рад жавобини олгач эркин ҳаракатланиш ҳуқуқлари топталаётгани ҳақида Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах шаҳар судига арз қилган эди.

Шаҳар суди Пардаев шикоятини қондирмаганидан сўнг ҳуқуқ фаоли вилоят суди ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига шикоят киритган эди.​