Россия хавфсизлик хизмати A321 ҳалокати террор акти натижасидир, деб баёнот берди

Россия хавфсизлик хизмати раҳбари Мисрдаги Airbus A321 ҳалокати террорчилик акти натижасидир, деб баёнот тарқатди.

Мисрдаги Шарм ал-Шайх аэропортидан Санкт-Петербургга учаётган самолёт 31 окятбрь куни Синай ярим оролида қулаган эди. Унинг бортидаги 224 кишининг ҳаммаси қурбон бўлган.

"Исломий давлат"нинг Мисрдаги қаноти кўрилган террорчи гуруҳ ҳужум учун масъулиятни зиммасига олган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников 16 ноябрь оқшомида ўтган йиғилишда бортида қўлбола бомба портлаганидан сўнг самолёт ҳавода парчаланган, дея хулоса берди.

Йиғилишда иштирок этган президент Путин эса: "Биз Синайдаги террор ҳужуми ортида турган жиноятчиларни ернинг исталган нуқтасидан бўлса-да, топамиз ва жазолаймиз", деб таҳдид қилди. Шунингдек, у Суриядаги ҳаво ҳужумлари кўламини оширишини урғуларкан: "Жиноятчилар қасос муқаррарлигини билсин", деб қўшимча қилди.​