Франция хавфсизлик хизматининг 115 минг ходими рейдларга жалб этилди

Франция Ички ишлар вазири Бернар Казнёв

Франция Ички ишлар вазири Бернар Казнёв куч ишлатар тузилмаларнинг 115 минг ходими мамлакат бўйлаб ўтказилаётган рейдларга сафарбар қилинганини маълум қилди.

17 ноябрь кунги баёнотида вазир ҳозирга қадар 128тадан ортиқ рейд ўтказилганини билдирди.

13 ноябрдан 14 ноябрга ўтар тунда Франция пойтахти Париж шаҳрининг 6та жойида жангарилар томонидан террор ҳужуми уюштирилди. Суиқасд ҳужумчилар уюштирган портлашлар ва "Батаклан" концерт залидаги отишмалар натижасида 132 одам нобуд бўлди, 300дан ортиқ одам жароҳатланди. “Исломий Давлат” террор гуруҳи ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Бугун Брюсселда учрашган Европа Иттифоқи мудофаа вазирлари Франция ҳукуматининг ҳарбий ёрдам ҳақидаги сўровини қувватлади.

Франция Мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан бу ёрдам "Франциянинг Ироқ ва Суриядаги ҳарбий амалиётларини қуватлаш ёки мамлакатда зарур бошқа амалиётларда кўмаклашиш" кўринишида бўлиши мумкинлигини айтди.