Германияда Париждаги терактларга алоқадор кўрилган 3 киши ушланди

Германияда 13 ноябрь куни Парижда уюштирилган террор ҳужумларига алоқадорликда гумон қилинган уч шахс қўлга олинди.

DPA агентлиги тарқатган хабарга кўра, уччовлон Ахен шаҳрида ушланган.

Бунга қадар Париж ҳужумларига алоқадорликда гумон қилинган икки шахснинг Белгияда қўлга олингани айтилган эди. Францияда эса ҳозирга қадар 20 кишининг ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

13 ноябрдан 14 ноябрга ўтар тунда Франция пойтахти Париж шаҳрининг 6та жойида жангарилар томонидан террор ҳужуми уюштирилди. Суиқасд ҳужумчилар уюштирган портлашлар ва "Батаклан" концерт залидаги отишмалар натижасида 132 одам нобуд бўлди, 300дан ортиқ одам жароҳатланди. “Исломий Давлат” террор гуруҳи ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Бугун Брюсселда учрашган Европа Иттифоқи мудофаа вазирлари Франция ҳукуматининг ҳарбий ёрдам ҳақидаги сўровини қувватлади.