Қирғизистонда бугун эрталаб яна ер қимирлади

Ўшга яқин қишлоқларда зилзиладан етган зарар кўлами ўрганилмоқда. 18 ноябрь куни Ўш атрофида олинган сурат.

Кучи 4 баллга етган зилзила бугун эрталаб соат 11.30 га яқин қайд этилгани тўғрисида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди. Зилзила эпимаркази Ўш шаҳридан 35 километр масофадаги ҳудудда бўлган.

Чоршанбага ўтар кечаси маҳаллий вақт билан 23.29да (Тошкент вақти билан 22.29) Қирғизистонда содир бўлган зилзиланинг кучи 5,9 баллга етган. Зилзила эпимаркази Ўш шаҳридан 45 километр масофадаги ҳудудда бўлган.

Ер қимирлаши Тошкентда ҳам қайд этилди.

Европа - Ўрта Ер денгизи сейсмология марказининг билдиришича, Тошкентда зилзила 17 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 22дан 35 дақиқа ўтганда сезилган ва унинг кучи 3 баллга тенг бўлган. Марказ зилзила эпицентри Қирғизистонда бўлганини хабар қилган.

Зилзила оқибатида жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.