Россия Башар Асадни сақлаб қолмоқчи

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Агар Ғарб “Исломий Давлат” террор гуруҳига қарши халқаро коалиция тузилишини истаса Башар Асаднинг Сурия президентлигидан кетишини талаб қилишни тўхтатиши лозим. Бу фикрни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 18 ноябрь куни билдирди.

“Террорга қарши ҳаракатларни бирлаштириш учун қандайдир шартларни илгари суришни қабул қилиб бўлмаслигига ҳеч қандай шабҳа қолмади”, деб баёнот берди Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири фикрича, ўтган ҳафтада Парижда амалга оширилган террор ҳужумлари ҳамда сентябрда Россия самолётининг Мисрда ҳалокатга учрагани Ғарбнинг позицияси ўзгаришига туртки бўлган.

“Ғарблик ҳамкасбларимизнинг позициясида рўй берган ўзгариш ғарблик бошқа ҳамкорларимизга ҳам таъсир қилади, деб умид қиламан”, деди Лавров.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Башар Асаднинг истеъфо беришини талаб қилмоқда, айни пайтда Россия Сурия президентини қўллаб-қувватлаб келмоқда.