АЭХА: Эрон ўз ядровий дастурини қисқартира бошлади

АЭХА раҳбари Юкиа Амано.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик Эрон жаҳондаги олти йирик давлат билан эришилган битимга мувофиқ ўз ядровий дастурини қисқартира бошлаганини билдирди.

АЭХАнинг БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этилмиш ҳисоботида айтилишича, Эрон уранни бойитиш учун ишлатиладиган центрифугалари миқдорини сезиларли даражада камайтирган.

Бундан бир ой муқаддам АҚШ ва Европа Иттифоқи Теҳрон муайян шартларни бажарганидан кейин Эрондан санкцияларни олиб ташлашга оид қадамлар бўйича ўзаро келишиб олганди. Санкцияларни камайтиришнинг бошланғич шартлари орасида Эрон эга бўлган уранни бойитувчи центрафугалар сонини озайтириш ҳамда бойитилган уран заҳирасини камайтириш кабилар бор эди.

Жорий йил июлида Эрон ва жаҳондаги олти етакчи давлат Теҳрон ядровий дастурини жиловлаш бўйича келишувга эришганди. Ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини таъкидлаган Эрон ўзига нисбатан киритилмиш санкцияларни қадам-бақадам олиб ташланиши эвазига бу дастурни чеклашга рози бўлган.