Франция Бош вазири парламентни янги ҳужумлар эҳтимолидан огоҳлантирди

Франция Бош вазири Мануель Валс

Франция Бош вазири Мануель Валс 19 ноябрь куни парламентда қилган чиқишида мамлакатда янги террор хуружлари, жумладан “кимёвий ва биологик қуроллар” ишга солиниши эҳтимолидан огоҳлантирди.

Валс бу ҳақда Фарнция парламенти 13 ноябрь ҳужумлари ортидан мамлакатда жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини яна уч ойга узайтириш масаласини овозга қўйишидан олдин баён қилди. Париж ва шаҳар четида ўтган ҳафта рўй берган бир нечта ҳужум оқибатида 129 киши ҳалок бўлди.

Фавқулодда вазиятни узайтириш масаласи Франция сенатида 20 ноябрь куни овозга қўйилади ва маъқулланадиган тақдирда, дарҳол кучга киради.

Айни пайтда, Бельгия полицияси пойтахт Брюсселда олтита рейд ўтказди. Махсус амалиётлар Париж ҳужумларида Стад де Франс стадиони олдида ўзини портлатган уч худкушдан бири билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Париж ҳужумлари ортида турган белгиялик Абдулҳамид Абаауд 18 ноябрь куни Парижда ўтказилган рейд пайтида ўлдирилганми, йўқми ҳозирча ноаниқ қолмоқда.

Белгия Париждаги ҳужумлар юзасидан ўтказилаётган терговнинг марказида қолмоқда.