Россия ФСБси "Пулково" аэропортига марказий-осиёликларни ишга олишни ман қилди

Россия Федерал хавфсизлик хизмати “Пулково” аэропортига марказий-осиёлик муҳожирларни ишга олишни тақиқлади.

Бу ҳақда аэропортдаги манбага таяниб, хабар қилган LifeNews.ru нашрига кўра, “Пулково” аэропорти раҳбариятига бу ҳақда огоҳлантирув юборилган. Хабарга кўра, мазкур тавсия аивация соҳасида хавфсизликни ошириш масаласига бағишланган мажлисда янграган, лекин мазкур кўрсатма фақат оғзаки тарзда берилган.

Биринчи навбатда чекловлар тозалаш ишлари билан шуғулланадиган ширкатларга тааллуқли бўлади. Бундай ширкатлар одатда арзонроқ иш ҳақига рози бўладиган маркази-осиёлик муҳожирларни ёллайди.

Транспорт воситаларида хавфсизликни ошириш чораси ўтган ой охирида “Когалымавиа” ширкатига қарашли самолёт Миср осмонида портлатлиши ортидан жорий этилмоқда. Шарма аш-Шайх курортидан Санкт Петербургга парвоз қилган А321 учоғи ҳалокатига унинг бортига яширин тарзда олиб чиқилган қўлбола бомба портлаши сабаб бўлгани айтилмоқда. 224 одамнинг ўлимига сабаб бўлган портлаш учун масъулиятни “Исломий давлат” экстремист гуруҳи ўз зиммасига олди.