Қирғизистонда зилзила оқибатида 400дан ортиқ бино яроқсиз аҳволга келди

Қирғизистоннинг Чайчи қишлоғида зилзиладан вайрон бўлган уй.

Қирғизистонда 18 ноябрга ўтар кечаси юз берган зилзила оқибатида Ўш вилоятида 390 уй ва 33 ижтимоий объект яроқсиз аҳволга келган. Бу ҳақда 19 ноябрь куни Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди.

Қирғизистонда 18 ноябрга ўтар кечаси юз берган кучли зилзиланинг маркази Ўш шаҳридан 45 километр узоқликда бўлган.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қорасув ва Олой туманларида зилзиланинг кучи 7 баллга етгани, Ўш,Жалолобод ва Ўзган шаҳарларида 4-6 балл бўлганини билдирди.

Сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси эпимаркази Қирғизистонда бўлган зилзила кучи Тошкентда ҳам сезилган.

Европа - Ўрта Ер денгизи сейсмология марказининг билдиришича, Тошкентда зилзила 17 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 22дан 35 дақиқа ўтганда юз берган ва унинг кучи 3 баллга тенг бўлган.