Обама Путинни Сурияда мўътадил исёнчиларни эмас, "Исломий давлат"ни нишонга олишга чақирди

АҚШ Президенти Барак Обама

АҚШ Президенти Барак Обама Россия Суриядаги ҳаво ҳужумларини Башар Ассад ҳукуматига мухолиф муътадил исёнчиларга эмас, “Исломий давлат” экстремист гуруҳига қаратиши керак, дея баён қилди.

Малайзияда 22 ноябрь куни гапирган Обама Россия Президенти Владимир Путинни АҚШ етакчилигидаги коалиция билан муштаракликка чақирди. АҚШ раҳбари ўтган ой охирида 224 кишининг ўлимига сабаб бўлган Россия учоғи ҳалокати учун “Исломий давлат” масъул кўрилаётганини эсалтди.

“Путин Россия фуқароларини ўлдирган одамларни таъқиб этиши керак”, дея таъкидлади Обама.

Россия 30 сентябрдан бери Сурия Президенти Башар Ассадни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳавода исёнчи гуруҳларни нишонга олмоқда. “Исломий давлат” Россия учоғини портлатганлик маъсулиятини ўз зиммасига олгандан кейин Путин ҳаво ҳужумлари кўламини оширишни ваъда қилди.