Россия Туркия билан барча ҳарбий битимларни тўхтатди

Кремль матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песковнинг жума кунги матбуот анжуманида айтишича, Россия Туркия билан барча ҳарбий битимларни тўхтатган.

Песков айни пайтда Россиянинг Сурияда ўтказаётган ҳарбий амалиётлари олдингидай давом этаётгани ва унга биров чеклов киритилмаганини ҳам таъкидлади.

ТАСС маълумотига кўра, жума куни Кремль Туркиянинг Россияга тегишли Су-24 қирувчи учқичи уриб тушурилганига жавобан қора денгиздаги BLACKSEAFOR ҳарбий-денгиз ўқув машғулотларидаги иштирокини ҳам тўхтатган.

Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолёти Туркиянинг F-16 қирувчи самолёти томонидан 24 ноябрь куни эрталаб уриб туширилган эди.

Расмий Анқара рус самолёти Туркия чегарасини бузиб ўтгани учун уриб туширилганини, уриб туширилишдан олдин рус учувчиларига ўндан ортиқ огоҳлантириш берилганини билдирган. Бироқ Россия рус учоғи Туркия чегарасини бузиб ўтмаганини, самолёт турк ҳарбийлари томонидан Сурия ҳудудида уриб туширилганини айтмоқда.