Арманистонда норозилар президент истеъфосини талаб қилмоқда

Еревандаги норозилик намойиши.

Арманистон пойтахти Ереванда камида уч минг одам президент Серж Саркисяннинг ҳокимиятда қолиш муддатини узайтиришга қаратилган конституциявий ўзгартишлар лойиҳасига қарши намойиш ўтказмоқда.

Намойиш мухолифат кучлари томонидан 1 декабрда бошланди. Намойишчилар президент Саркисян истеъфо беришини талаб этмоқда. Митинг ташкилотчилари намойишлар норозилар талаби бажарилмагунга қадар давом этишини маълум қилди.

6 декабрда Арманистонда Конституцияга ўзгартишлар киритиш масаласида референдум ўтказилиши белгиланган. Президент Саркисян томонидан таклиф қилинган ўзгартишларда Арманистонни парламент республикасига айлантириш ва ҳокимиятни Бош вазир қўлида жамлаш назарда тутилади.

Мухолифатга кўра, мазкур ўзгартишлар Саркисян 2018 йилдан сўнг ҳам ҳокимиятни Бош вазир сифатида ўз қўлида сақлаб қолишга ҳаракат қилаётганини англатади. 2018 йилда Саркисяннинг президентлик муддати якунланиши лозим.