"Толибон"нинг Афғонистондаги қаноти раҳбари ўлдирилгани тўғрисида хабар пайдо бўлди

“Толибон” ҳаракатининг Афғонистондаги қаноти раҳбари Мулла Мансур ҳалок бўлгани тўғрисида “айрим хабарлар”га таяниб, ВВС ўзбек хизмати хабар қилди.

Бироқ бу хабарни “Афғон-Толибон” воизи Забиҳулла Мужоҳид ВВС саволига жавобан рад этган:

"Бундай воқеа бўлгани йўқ. Авваламбор, у Афғонистонда, Покистоннинг сиз айтган жойида эмас. Иккинчидан, унинг атрофидаги хавфсизлик бу каби ҳодисага йўл қўйиш даражасида заиф эмас" - деган Забиҳулла Мужоҳид.

ВВСнинг “Толибон” таркибидаги манбаларга таяниб хабар қилишича,Афғонистон-Покистон чегарасига яқин Кветта шаҳри чеккасидаги учрашувда Толибон қўмондонлари ўзаро тортишиб қолган.

Юзага келган отишмада “Афғон-Толибон” раҳбари оғир яраланиб, ҳаракатнинг тўрт зобити ҳалок бўлган. Отишма сабаблари номаълум.

"Баҳс-мунозара пайти баъзи юқори мартабали қўмондонларнинг фикрлари ўзаро тўғри келмай қолди ва улар бир-бирларига қарата ўт очишди" - деган Толибон манбаси.

Айрим хабарларга кўра, Мулла Мансур ҳам ҳалок бўлган. Лекин бу хабар ҳали тасдиқлангани йўқ, деб хабар қилди ВВС ўзбек хизмати.