Ўзбекистонда 1 январдан эски паспортларнинг яроқлилик муддати тугайди

Ўзбекистоннинг янги биометрик паспорти.

Жорий йил охиригача эски паспортларини биометрик паспортларга алмаштирмаган ўзбекистонликлар янги йилдан маъмурий жавобгарликка тортилади ва жарима тўйлайди. Бу ҳақда ўзбек маҳаллий матбуоти хабар тарқатди.

Нашрларнинг Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси расмийси Санжар Қосимовга таяниб хабар беришича, ўзбекистонликлар 2016 йил 1 январигача янги нусхадаги биометрик паспортларни олишга улгуриши керак. Биометрик паспорт олмаганларга “Маъмурий жавобгарлик Кодекси”нинг 223-моддасига биноан минимал иш ҳақининг 3 баробаридан 10 баробаригача бўлган миқдорда жарима солинади.

Жарима миқдори 390 минг 720 сўмдан 1 миллион 302 минг 400 сўмгача бўлиши мумкин.

Санжар Қосимов Ўзбекистон ҳудудида яшаётган фуқароларга биометрик паспорт 10 кун ичида, хорижда яшаётган ва консуллик рўйхатига олинган ўзбекистонликларга эса 15 кун ичида берилишини ҳам таъкидлаб ўтган.

Аввалроқ Санжар Қосимов эски паспортлардан фойдаланиш муддати 2017 йилгача узайтирилгани ҳақидаги хабарларни инкор қилиб, уларни миш-миш сифатида баҳолаган.