Қирғизистон Бишкекдаги Ҳюман Райтс Уотч раҳбарини мамлакатдан чиқариб юборди

Ҳюман Райтс Уотч Бишкек бўлими раҳбари Мира Риттман

Қирғизистон расмийлари Ҳюман Райтс Уотчнинг Бишкекдаги ваколатхонаси раҳбари Мира Риттманни мамлакатга киритмади. Риттман 2 декабрь куни Истанбулдан учиб келган пайтда ортга қайтарилди.

Қирғизситон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакилининг 4 декабрь куни Озодликка билдиришича, Риттман “миграция қонунларини бузгани” учун мамлакатга қайта киритилмаган. Расмий ҳуқуқ фаолининг қайси қонунларни бузганини аниқлаштирмади.

Халқаро ташкилот бош директори Кеннет Рот “Ҳюман Райтс Уотч тадқиқотчисининг Қирғизистонга киритилмагани кутилмаган ва жуда ташвишли ҳолатдир”, дея баён қилди.

“Қирғизистон расмийлари тақиқни дарҳол бекор қилиб, Риттманнинг Бишкекка қайтиши ва ҳеч бир таъқибсиз ишлашига рухсат беришлари лозим”, деди у.

Ҳюман Райтс Уотч бундан аввал ҳам ташкилот тадқиқотчилари, жумладан Риттман учун Қирғизистонда ишлаш рухсатномларини олишда жиддий қийинчиликларга дуч келаётганидан шикоят қилган.

Ҳуқуқ фаолининг мамлакатга киритилмагани Қирғизистон 2016 йил январь ойидан БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо бўлиши арафасида кузатилмоқда.