АҚШ: Сурия армиясига зарбани рус учоқлари берган

АҚШ расмийлари Сурия шарқидаги ҳукумат кучлари базасига ҳаво зарбаларини Қўшма Штатлар учоқлари эмас, балки Россия самолётлари берганини таъкидламоқда.

7 декабрь куни Сурия президенти Башар Ассад АҚШ бошчилигидаги коалиция учоқлари Дайр аз-Зор шаҳридаги ҳукумат кучлари базасини нишонга олгани, натижада 3 аскар ҳалок бўлиб, 13 нафари яраланганини иддао қилганди.

Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ҳам ҳаво зарбалари коалиция кучлари томонидан берилганини айтган, бироқ америкалик расмийлар ҳаво зарбалари учун жавобгарлик россияликлар зиммасида эканини урғуламоқда.

Пентагоннинг исми ошкор қилинмаётган мулозими радарлардаги маълумотлар Дайр аз-Зордаги база русларнинг Ту-22 русумли бомбардимончи самолётидан нишонга олганини кўрсатганини билдирган.

Мулозимга кўра, руслар якшанба куни Суриядаги уч шаҳарни, шу жумладан, Дайр аз-Зорни нишонга олганлар. “Бу шаҳарнинг катта қисми исломий радикал жангарилар назорати остидадир” деган Пентагон мулозими россиялик ҳарбийлар Башар Ассадга содиқ кучлар базасига янглишлик билан зарба берган бўлиши мумкинлигини айтган.

Пентагон матбуот котиби Стив Уоррен коалиция учоқлари 6 декабрь куни фақат бир марта “Исломий давлат” жангарилари назорати остидаги нефть конини нишонга олганларини, ҳаво зарбаси берилган жой Дамашқ айтаётган базадан 35 миль (ёки 55 километр) нарида жойлашганини билдирган.