AI: ИД ихтиёридаги қурол-аслаҳанинг кўпи Мўсул омборларидан олинган

“Исломий давлат” гуруҳи тасарруфидаги қурол-аслаҳанинг катта қисми жангарилар Ироқ армиясининг Мўсулдаги омборларидан ғанимат олганлар. Бу ҳақда Би-би-си Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Аҳоли сонига кўра Ироқдаги иккинчи йирик шаҳар бўлган Мўсулни “Исломий давлат” гуруҳи ўтган йил июнида эгаллаб олганди.

Ҳуқуқ фаоллари жангарилар қўлига тушиши мумкин бўлган ҳудудларга қурол-аслаҳа ва ўқ-дори етказиб берилишига тўлалигича эмбарго қўйилишига чақирмоқдалар.

АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция Суриядаги “Исломий давлат” гуруҳи позицияларига 2014 йил сентябридан буён зарба бериб келмоқда. Улар ўз ҳаракатларини Башар Ассад ҳукумати билан мувофиқлаштирмаган ҳолда олиб бормоқдалар. Шу йил 30 сентябридан эса Россия ҳам Суриядаги айрим ҳудудларни бомбардимон қилишга киришган.

Москва ҳаво зарбалари нишони “Исломий давлат” гуруҳи позициялари эканини иддао қилмоқда, бироқ суриялик ҳуқуқ фаоллари ва ғарб мамлакатлари вакиллари рус учоқлари “Исломий давлат” жангариларинигина эмас, балки кўпинча Сурия президенти Башар Ассад режимига қарши курашаётган кучлар ҳам бўлиб қолаётганини таъкидламоқдалар.