Республикачи номзод Дональд Трамп мусулмонлар АҚШга киритилмасин, деди

АҚШ президентлигига республикачилардан номзод Дональд Трамп Америкага мусулмонларнинг киритилишини мутлақо тақиқлаш керак, деган баёнотни бериб, ҳам сафдошлари, ҳам рақиблари танқиди остида қолди.

Ўтган ҳафта Калифорния штати Сан-Бернардино шаҳрида икки мусулмон террорчи ижтимоий хизмат марказида 14 кишини отиб ўлдирганига муносабат билдирган Трамп: "Бундай тақиқ вакилларимиз у ерда нима бўлганини аниқлаб олгунича амалда бўлиши керак", деди.

Оқ Уй раҳбарияти Трампнинг бу позицияси АҚШ давлатчилиги қадриятларига "мутлақо зид" эканини таъкидлади ва бундай ҳаракат "одамларнинг қўрқувидан ўз сайловолди тарғиботини кучайтириш мақсадида фойдаланишдир" деб қоралади.

Демократлардан президентликка номзод Ҳиллари Клинтон Трампнинг бу таклифини "ножўя, нохолис ва айирмачи" режа деб баҳолади ҳамда бу йўл "бизни янада хатарга қўяди", деди.

Америка-Ислом муносабатлари кенгаши ижроия директори Ниҳад Авад эса: "Трамп бизнинг буюк давлатимизга эмас, бир тўда ақлсиз одамларга бошчилик қиладиган етакчига ўхшамоқда", деб норозилик билдирди.