ХВЖ Украина Россияга қарзларини тўлмаса ҳам Киевга молиявий кўмак кўрсатаверади

Украина президенти Петро Порошенко ва ХВЖ директори Кристин Лагард.

Халқаро валюта жамғармаси суверен қарзини тўлашни кечиктираётган давлатларга қарз беришни тақиқлаш тўғрисидаги қарорини бекор қилди. Бу ҳақда сешанба куни кечга яқин жамғарманинг расмий вакили Жерри Райс маълум қилди.

Мазкур қарор Украина Россияга қарзларини бера олмаган тақдирда ҳам Халқаро валюта жамғармаси Киевга инқироздан чиқариш дастури асосида молиявий кўмак кўрсатишда давом этишини англатади. Россия мазкур қарорга қарши овоз берган.

Россия Молия вазири Антон Силуанов Халқаро валюта жамғармасининг қарори Россиянинг зиёнига ва Киев қарзларни тўламаслик имкониятига эга бўлиши учун қабул қилинган, деб ҳисоблашини билдирди.

Украина 20 декабргача Россиядан бўлган 3 миллиард доллар қарзини тўлаши шарт эди. Халқаро валюта жамғармаси Украинага инқироздан чиқариш дастури асосида 40 миллиард доллар беришни режалаштирган.